Бухоро вилоятидаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди

Бухоро вилояти Ромитан туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳаётдан кўз юмди, яна икки киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди. Ҳодиса 10 февраль куни тахминан соат 07:30 ларда содир бўлди. Ҳайдовчи 24 ёшли А.Р. бошқарувидаги Nexia-2 «Хоразм-Бухоро» А-380 автомобиль йўли бўйлаб Ромитан туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг чеккасига чиқиб кетган ва бир неча марта айланган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида йўловчилар 49 ёшли У.М. ва 42 ёшли Д.А. ҳодиса жойида вафот этган. Ҳайдовчи ва 36 ёшли учинчи йўловчи Х.Ю. эса шифохонага мурожаат қилган. "Газета.uz"да реклама Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодекининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Место для вашей рекламы