«Бу касалликдан ҳеч ким кафолатланган эмас» — Нурмат Отабеков

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков аҳолига қилган мурожаатида ҳеч ким коронавирус касаллигидан кафолатланган эмаслигини таъкидлади. 25 март эрталаб соат 9:00 ҳолатига кўра коронавирус аниқланган беморлар сони 55 нафарни ташкил этди. Ушбу беморларнинг барчаси Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволаш муолажаларини олмоқда. «Ҳозирги дақиқаларда 13 нафар беморда ўпка яллиғланиши — пневмония аломатлари кузатилаяпти. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Улар интенсив-терапия муолажалари олмоқда», — деди Отабеков. "Газета.uz"да реклама Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даволаш профилактика муассасаларида, профилакторияларида, санаторияларида ташкил этилган махсус изоляторларда ҳаммаси бўлиб 20 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирларини ўтаяпти. Улар тиббий кузатувга олинган. «Дока ниқоблардан фойдаланиш, одамлар билан мулоқотда бўлганда масофани ушлаш кераклигини қайта-қайта эслатаяпмиз. Шунга қарамй, дока ниқобларни тақишга юзаки қараш, бу ниқобларни тақиш қоидаларига риоя қилмаслик, шунчаки бўйнига, оғзига ёки иягига илиб қўйиш ҳолатлари учраяпти», — деди Отабеков. «Касалланиш сони ортиб бораётганини кўриб турибсиз. Қачонки вирус бир одамдан иккинчи одамга юқиши давом этаркан унинг касаллик чақириш қобилияти ортиб боради. Касалликни кейин юқтириб олган беморда оғир кечиши, оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини зинҳор ёддан чиқарманг», — деди бош давлат санитария инспектори, 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобда бўлмаган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида эслатиб. «Бугундан бошлаб, дока ниқобларни, ҳимоя воситаларини тақмаганганларга нисбатан жазо қўлланилиши белгилаб қўйилган. Ҳар бирингиз ўз саломатлигингиз, оилангиз, яқинларингиз саломатлиги учун масъул эканингизни, қолаверса республикада эпидемик вазиятни барқарор ушлаш бўйича ҳам ҳар бирингиз масъул эканингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз. Шуни унутмангки, бу касалликдан ҳеч ким кафолатланган эмас. Ҳар биримиз касалликка чалиниш эҳтимоли борлигини ёдда тутинг ва эҳтиётингизни қилинг», — деди у.

Место для вашей рекламы