Бош прокуратура Нариман Григоряннинг ўлдирилиши тафсилотларини маълум қилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси 14 январь куни Тошкентнинг Яшнобод туманида дизайнер ва хореограф Нариман Алимжановнинг (Григорян, 1985 йилда туғилган) ўлими тафсилотларини эълон қилди. 17 январь куни қотилликда гумон қилинган шахснинг ушлангани ва ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Унга Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича айблов қўйилди. Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, тергов ҳаракатлари жараёнида А. А. (1996 йилда туғилган) қотилликда гумон қилинган. Унинг ўз айбига иқрор бўлишича, 13 январь куни соат 9:00 атрофида у Нариман Алимжановнинг пулларини қўлга киритиш мақсадида уйдан чиққан. У дизайнерга қўнғироқ қилади ва уйига бориш ниятида эканини айтади. Ўзи билан эса бир литрлик идишда бензин ва пичоқ олади. Бош прокуратура маълумотларига кўра, А. А. дизайнерни қасддан ўлдириб, унинг уйидан қурбонга тегишли бўлган 625 доллар пул, иккита iPhone смартфори, IQOS электрон сигарети, бир жуфт AirPods қулоқчинлари, Captiva автомобили калити, тан жароҳатлари етказган иккита пичоқни олиб кетган. Қотиллик изларини йўқотиш учун А. А. Нариман Алимжановнинг жасади ва квартирасини бензин сепиб ёқиб юборади, сўнгра эшикни қулфлаб кетади. Жиноят иши бўйича ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, «Чигил» кўчасидан оқиб ўтувчи «Қорасу» каналидан 2 дона пичоқ, А.А.нинг ёнидан 400 доллар ва 1,06 млн сўм пул маблағлари, 1 дона IQOS электрон сигаретаси ва 1 жуфт Airpods қулоқчини ашёвий далил тариқасида олинган. "Газета.uz"да реклама Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида суд тиббий ва дактилоскопия экспертизалари тайинланиб, айбланувчи А.А.нинг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш тергов ҳаракатлари ўтказилиб, А.А.га нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Место для вашей рекламы