Блоггер Абдуфатто Нуритдинов озодликка чиқарилди

14 январь куни андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов (Отабек Нуритдинов тахаллуси билан танилган) озод қилинди, дея хабар берди унинг адвокати Умидбек Давлатов «Газета.uz»га. Ҳимоячининг сўзларига кўра, Абдуфатто Нуритдинов биринчи навбатда янги туғилган ўғли ва хотинини кўриш учун туғруқхонага борган. 30 декабрь куни фаолга қарши Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов, тумандаги 37-сонли мактаб директори Мухайё Исоқова, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруков ва «Сувокова» корхонаси туман бўлими бошлиғи Баҳодир Қаҳхоров судга шикоят аризаси билан мурожаат қилишган. Шу куннинг ўзида мурожаатлар кўриб чиқилиб, иш очилган, тергов олиб борилган ва иш судга юборилган. Андижон маъмурий суди Абдуфатто Нуритдиновни туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор деб топган ҳамда 13 миллион сўм жарима ва 15 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилган. Абдуфатто Нуритдинов ўз айбини тан олмай, ўзининг шахсий фикрини давлат идоралари вакиллари ва фуқароларнинг обрўсини тўкиш деб ҳисобламаслигини, шунингдек, 30 декабрь куни ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлигини айтади. "Газета.uz"да реклама 4 январь куни Андижон вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси унинг шикоятини рад этиб, Андижон вилоят маъмурий судининг 30 декабрдаги унга нисбатан қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Абдуфатто Нуритдиновнинг ҳибсга олинишини изоҳлар экан, туҳмат ва ҳақорат учун қамоққа олиш билан боғлиқ нормани тезроқ бекор қилиш зарурлигини таъкидлади. Блогер ижтимоий тармоқда Асака шаҳридаги мансабдор шахсларнинг фаолиятидаги коррупция ҳолатлари, бюджет маблағларининг ўзлаштирилиши ва талон-тарож қилиниши ҳақида ёзиб келган.

Место для вашей рекламы