Блогер Нуритдиновнинг калтакланиши юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда

18 февраль куни блогер Абдуфатто (Отабек) Нуритдинов Facebook ижтимоий тармоғида Асакадаги (Андижон вилояти) Холид ибн Валид масжиди яқинидаги спиртли ичимликлар дўкони пешлавҳаси фотосуратларини эълон қилди. Фотосуратлар алкогол маҳсулотлари чакана савдоси тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамаларга сабаб бўлди. Фото: Отабек Нуритдинов / Facebook. Худди шу куни блогер видеомурожаат жойлаштириб, унда дўкон эгаси ва унинг икки ўғли ИИБдан онасининг телефон рақамини олиб, уйига келганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дўкон эгасининг ўғиллари ўзларини тажовузкорона тутиб, унга тан жароҳатлари етказган ва ўлдириш билан таҳдид қилган. Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув давомида аниқланишича, О.Нуритдинов мурожаатида келтирган спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкон «Халилилло қувончи» номли хусусий корхонасига қарашли бўлиб, дўкон фуқаро Ю.Д. га тегишли. Шу куни фарзандлари А.Х. ва А.А. билан биргаликда О.Нуриддиновнинг фарзанди даволанаётган Турттош кўчасидаги шифохонага бориб, Отабек ва унинг онаси Матлубахон билан суҳбатлашаётган вақтида Ю.Д.нинг ўғли А.А. унинг юз қисмига уриб, тан жароҳати етказган. "Газета.uz"да реклама Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати кейинроқ жабрланувчининг видеомурожаатини эълон қилди. Унда блогер дўкон эгасининг ўғиллари ички ишлар органлари ходимлари номини айтиб қўрқитмоқчи бўлганларини маълум қилди. У ИИБ ходимларининг бу ишга алоқаси йўқлигини қўшимча қилиб ўтди. Асака туман ИИБ терговга қадар текширув ўтказмоқда. Амалдаги талабларга мувофиқ, алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишга таълим, спорт ва диний муассасалардан 200 м радиусгача масофадан ташқарида жойлашган тўғри савдо нуқталарига рухсат берилади.

Место для вашей рекламы