Биринчи бемор билан 10 кун олдин алоқада бўлган аёлда коронавирус аломатлари аниқланди

22 март куни М.Т. исмли аёл (1964 й.т.) Республика вирусология илмий текширув институтига ўзида коронавирус (Covid-19) касаллиги мавжудлигини текшириш мақсадида қон таҳлилларини топшириб, натижаларини кутмасдан, Қибрай тумани, Рохатбахш кўчасидаги хонадонга келиб, фуқаролар билан мулоқотда бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди. Қон таҳлиллари натижаларига кўра, М.Т.да коронавирус (Covid-19) аломатлари аниқланган ва у тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. Аниқланишича, фуқаро М.Т. жорий йил 12 март куни юқорида кўрсатилган манзилда ўтказилаётган тўй маросимида коронавирус (Covid-19) аниқланган биринчи бемор билан учрашиб, мулоқотда бўлганлиги сабабли, вирус мавжудлигини текшириш учун зарурати пайдо бўлган. "Газета.uz"да реклама Мазкур ҳолат юзасидан 22 март куни фуқаро М.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган. Ҳодиса жойига Қибрай тумани карантин гуруҳи чиқиб, ҳуқуқбузар мулоқотда бўлган шахсларнинг яшаш жойлари дезинфекция қилиниб, барчаси Чирчиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига карантинга ётқизилди. 23 март 00:45 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган беморлар сони 45 кишига етган.

Место для вашей рекламы