Беморлар тўлаган 281,9 млн сўмни ўзлаштирган мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида фуқаролар томонидан тўланган пул маблағларини ўзлаштириб юборган тиббиёт бирлашмасининг бир гуруҳ мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Хўжаобод туман бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда бирлашманинг пуллик хизмат бўлими мансабдор ва моддий жавобгар шахслари 2018−2019 йиллар давомида пуллик хизмат бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш учун мурожаат қилган 4905 нафар фуқаро томонидан тўланган пул маблағларини бўлим ғазнасига кирим қилмай, жами 281,9 млн сўм ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы