Андижонда фуқаро ўзига ўт қўйди. Воқеага расмий изоҳ берилди

Андижонлик 30 ёшли Х. Ғойибназаров уй-жой ортидан келиб чиққан муаммолар туфайли 21 январь куни ўзига ўт қўйди. Унинг опаси Effect.uz сайти билан боғланиб, воқеа ҳақиқатан уй можароси билан боғлиқ бўлганини айтиб берган. Ғойибназаровнинг опаси ОАВга воқеа тафсилотларини айтиб, укаси МИБ ходимлари ва уйга даъво қилувчи шахс олдида ўзига ўт қўйганини айтган. Хабарда фуқаронинг ўзига ўт қўйишга ундаган сабаб аниқ очиқланмаган. «„Сен шу уйни бўшатмасдан менинг опамни касал қилдинг, эрталабгача ёки 57 минг (АҚШ доллари)ни топасан ёки мен сени ижро қилиб, олиб чиқартириб юбораман. Агар опамга бирор нима бўлса, сени уйингни ёқиб юбораман“, — дея тажовуз қилди. Укамни жеркиб ҳам юборди. Бўлди, кетинглар, деган сўзимизга ҳам қарамасдан укамни сўкиб ташлашди. Шунда укам: „Опа, бир одам ўлиши керакми“, — дея савол берса, адвокат аёл „Ўлсанг ўлаверасан“, — деган жавобни қайтарди. Укам бензинни қаердан олди, билмайман, ва қўлидаги бензинни ўзининг устидан қуйди-да, гугурт чақди», — дея Ғойибназаров қариндошининг сўзлари келтирилган. Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов «Газета.uz»га воқеа юзасидан расмий ахборот берди. "Газета.uz"да реклама «Бюронинг Андижон туман бўлими иш юритувидаги фуқаро З. Г. ва унинг оила аъзоларини Андижон тумани, Айрилиш МФЙда уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М. Б.ни ушбу уйга киритиш ҳақида ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шу йилнинг 21 январь куни кечга яқин масъул ходимлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун қайд этилган манзилга чиқишган», — деди Фаррух Тошпўлатов. МИБ ходимлари, шунингдек, даъвогар ва жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштириш жараёнида тарафлар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб ижро ҳаракатлари бир кун кейинга — 22 январга қолдирилади. «Шундан сўнг МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Х. Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади. Оқибатда танасининг 45 фоизи куйиб, оғир тан жароҳат билан касалхонага тушади», — дейилади маълумотда. МИБ вакилининг қўшимча қилишича, воқеа юзасидан Андижон туман прокуратураси томонидан мазкур воқеа юзасидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ижрочилари зиммасига юклатилган.

Место для вашей рекламы