Андижонда ёшлар 10 кун муддатга ҳоким ва унинг ўринбосарлари лавозимига тайинланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатидан сўнг, Андижон вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида ўтган илк ҳокимлик соати-селектор йиғилишида «Келажак бугундан бошланади, биз ёшларимизга ишонамиз!» шиори остида «Андижонда ёшлар ўн кунлиги» лойиҳасига старт берилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда. Вилоят матбуот котиби Мирзоҳид Ботировнинг тасдиқлашича, унинг биринчи босқичи доирасида мавжуд 7 нафар вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари вазифасига ўн кун муддатга ёшлар вакиллари тайинланди. Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг ҳар бирига лидер ёшлардан вакиллар бириктирилди. «Янги раҳбарларга шахсан вилоят раҳбари фаолияти, вазифаларини тушунтириб ўтди ва фаолларга таништирди. Янги вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман-шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари бошланғич иш-режалар, хизмат машиналари билан таъминланди. Ўн кунлик якуни бўйича ҳар бир вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлигига тайинланган, депутатларга бириктирилган ёшлар фаоллар иштирокида фаолият юзасидан вилоят ҳокимига ҳисобот тақдим этади», дейилади вилоят матбуот хизмати хабарида. Таъкидланишича, лойиҳанинг кейинги босқичда МФЙ раислари, вилоят корхона, ташкилот, бошқармалари бошлиқлари, ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарлари, ҳаттоки, вилоят ҳокими вазифасини бажариш учун вақтинчалик ёшлар тайинланиши режалаштирилган. "Газета.uz"да реклама Аввалроқ, вилояти ҳокими Абдураҳмонов парламент палаталарининг қўшма мажлисида иштирок этиб, давлат раҳбарига ёшлар масаласида иш услубини ўзгартиришга ваъда берганди. Шунингдек, у уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳақида гапирган.

Место для вашей рекламы