Андижон вилоятида Nexia-3 йўл четида турган ЗИЛ тагига кириб кетди, тўрт киши ўлди

13 февраль куни тахминан соат 21−00 ларда 24 ёшли Х. М. бошқарувидаги Nexia-3 «Андижон-Асака» автомобиль йўлининг «Асака» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, йўл четида тўхтаб турган ЗИЛ-130 билан тўқнашди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумотларига кўра, енгил автомобилда уч нафар йўловчи бўлган. Nexia-3 ҳайдовчиси Х. М. ва олд ўриндиқда ўтирган 24 ёшли И. Ж. ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди. Седаннинг яна икки йўловчиси — 24 ёшли М. Б. ва 20 ёшли Н. П. кейинроқ тиббиёт муассасасида шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этди. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Место для вашей рекламы