Андижон шаҳар марказий поликлиникасида ёнғин рўй берди

27 март куни, соат 16:30 да Андижон шаҳар марказий поликлиникасида ёнғин рўй берган (видео). Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. «Шаҳар аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи мазкур тиббиёт муассасаси карантин муносабати билан санитария талаблари асосида иш фаолияти чегараланган ҳолда фаолият олиб бораётган эди», — дея хабар берган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати. Маълумотларга қараганда, 4-қаватдаги бош ҳамшира хонасида жойлашган совитгич (холодильник) ва компьютерларнинг электр тармоғига уланган жойида қисқа туташув рўй бериб, қисқа фурсатли ёнғин юз берган. Поликлиникадаги тиббиёт ходимлари ва беморлар зудлик билан ташқарига кўчирилган. Ҳеч ким жароҳат олмаган. Катта миқдордаги моддий зарар ҳам етказилмаган, дейилади хабарда. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Марказий поликлиника фаолияти бўйича хизматлар Андижон шаҳрининг бошқа мавжуд 8 та оилавий поликлиникаларига тақсимланган.

Место для вашей рекламы