Андижон ҳавосини булғаётган цемент заводи фаолияти тўхтатилди

Давлат экология қўмитаси аҳоли, жамоатчилик ташкилотларининг шикоят ва мурожаатлари асосида 12−21 февраль кунлари Андижон вилояти Асака туманида жойлашган Sing Lida қўшма корхонасида текшириш ўтказди. Қўмита матбуот хизматининг хабар қилишича, текшириш даврида корхонанинг клинкер тайёрлаш печининг ишлаш жараёнида циклонларнинг бир нечта жойида туйнуклар мавжудлиги, ифлослантирувчи моддаларнинг мазкур туйнуклардан тўғридан-тўғри атмосфера ҳавосига ташланаётгани аниқланган. Шунингдек, клинкер тайёрлаш печидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаш 1- ва 2-манбалардаги чанг тозалаш ускунасининг самарадорлигини ўлчаш учун лаборатория таҳлиллари ўтказилганида, 1-манбадаги цемент чангини ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 53,1% (лойиҳа бўйича 99,9%), 2-манбадаги чанг ушлаш қурилмасининг самарадорлиги 60,7% (лойиҳа бўйича 99,9%) ни ташкил этиб, чангларни ушлаб қолиш самарадорлиги паст даражада эканлиги маълум бўлди. "Газета.uz"да реклама Юқоридаги ҳолатларда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунлар талаблари бузилган, дейилади хабарда. Аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатилди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Место для вашей рекламы