Amirsoy курортида чанғичи жонсиз ҳолда топилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани тоғларидаги Amirsoy тоғ-чанғи курорти ҳудудида ёш чанғичининг жасади топилди, деб хабар берди компаниянинг Facebook саҳифаси. 7 январь куни соат 16:20 атрофида Amirsoy курортининг чанғи йўллари ёпилишидан олдин, ташриф буюрганлардан бири компания ходимига ёш чанғичининг ғойиб бўлганлиги ҳақида хабар берди. Маълумот олинганидан сўнг, курорт қутқарув гуруҳи бедарак йўқолган одамни қидиришни бошлади. 30 дақиқадан кейин чанғичини қутқарув хизмати аъзоларидан бири чанғи йўлининг ташқарисида ҳаёт белгилари бўлмаган ҳолда топди, дейилади хабарда. «50 дақиқа давомида Amirsoy дам олиш масканида саккиз нафар профессионал қутқарувчилар ва иккита шифокор жабрланувчини ҳаётга қайтаришга ҳаракат қилишди. Афсуски, натижа бўлмади. Amirsoy Resort барча ходимлари номидан қариндошлари, дўстлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади компания хабарида. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, чанғичи чанғида учиб кетаётганда йўлдан чиқиб кетган. Тергов давом этмоқда. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы