Амалдорлар харажатлари ва даромадларининг мувофиқлиги назорат қилинади

Ўзбекистонда давлат хизматчилари харажатлари ва даромадларининг мувофиқлиги устидан назорат ўрнатилади. Бу ҳақда 31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди. «Газета.uz» мухбирининг хабар қилишича, йиғилишда давлат раҳбари коррупцияга қарши президент ва парламент олдида ҳисоб берадиган орган тузиш режаларини эсга олди. Президент сўзларига кўра, янги орган давлат хизматчиларининг коррупцион ҳаракатларини текширади. «Нима учун коррупция агентлиги тузаяпмиз? „Ура-ура“ қилиш учун эмас. Энди амалда коррупция тамойиллари — уйини кўриб, юришини кўриб, вазирми, бошқами, бу уйни қуришга қаердан омил топди, машинани қаердан олибди, боласини нимага (ниманинг ҳисобига) ўқитаяпти? Омиллар қаерда, деган саволга ҳар бир раҳбар энди жавоб берадиган вақт келди…», — деди у. Президент давлат хизматчилари, шу қаторда юқори мартабали мансабдор шахслар даромадлари харажатларига тўғри келмаса ҳисоб берадиган, қонун олдида жавоб берадиган муҳит яратилишини таъкидлади. "Газета.uz"да реклама Шавкат Мирзиёев уч кун олдин уйидан 400 минг доллар топилган божхона постларидан бирининг бошлиғи ҳибсга олинганини айтиб ўтди. «Бир кичкина постнинг раҳбари. 400 минг доллар. У ҳали бир кунлик. Дунё ҳамжамияти бизни тан олсин, деб шунча ҳаракат қилаяпмиз… Битта постнинг бошлиғи 400 минг доллар ўғриласа нима бўлади?» — деб сўради у. Ўтган йилнинг октябрь ойида тақдим этилган президент қарори лойиҳасида 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич амалга оширишни бошлаш таклиф қилинган эди. Ҳужжат ҳали қабул қилингани йўқ.

Место для вашей рекламы