Ҳафта давомида кечалари совуқ бўлиши кутилмоқда

Бугун, 6 январь куни Волгабўйи ҳудудидан кирган совуқ ва нам ҳаво оқими сабабли Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати. 7 январь куни фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида нобарқарор об-ҳаво сақланиб туради, бу жойларда ёмғир, қор ёғиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ — 3 даража илиққача, кундузи 0−5 даража илиққача пасаяди. 8−9 январь кунлари об-ҳавонинг ёғингарчиликсиз, камбулутли бўлиши кутилмоқда. Антициклон чегараси таъсири натижасида ҳарорат кечаси манфий кўрсаткичларгача пасайиб 3−5 даража совуқни ташкил қилади. Кундузи қуёш ҳавони илитиб, 9 январга келиб ҳаво ҳарорати 7−12 даража илиққача кўтарилади. 10 январда совуқ ҳаво оқими Ўзбекистон ҳудудидан чекинади. Тунги ҳарорат 0−2 даража совуққача кўтарилади, кундузи 7−12 даража илиқ атрофида бўлади.

Место для вашей рекламы