Адвокат: судья ҳуқуқларимизни поймол этмоқда

2 март куни Шайхонтоҳур тумани маъмурий судида даъвогар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жавобгар Монополияга қарши кураш қўмитаси кўрсатмаси ва қарори устидан шикоят хати кўриб чиқилиши бошланди. Унда адвокат Отабек Ўринов учинчи томон — «Олтин Гумбаз» МЧЖ манфаатини ҳимоя қилиб, суд мажлисида овоз ёзиб олиш тўғрисидаги илтимосини билдирди. Суд мажлисида иштирок этган «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, судья адвокатнинг илтимосини қаноатлантирмасликка қарор қилган. Шундан сўнг адвокат судьянинг ишни холис кўриб чиқишига шубҳа билдириб, уни рад этди. «Аслида бу иккинчи суд мажлиси, аввал ҳам шу мазмундаги илтимосномани бекор қилганди. Аслида бу — бизнинг ҳуқуқ. Кодексда шундай битилган», — деди адвокат. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 143-моддасига («Суд мажлиси») мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. "Газета.uz"да реклама Адвокатнинг илтимосномаси юзасидан фикр билдирган Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили Шокиров «судда баённома тузилиши» важидан илтимоснома қаноатлантирмасликни сўради. Прокурор ёрдамчиси Шоҳрух Ғуломов эса ушбу масалани судга ҳавола этди. Судья ҳимоячининг илтимосномасини қаноатлантирмаслик билан бирга, суд мажлисида ҳозир бўлган журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилмади. У мухбирга диктофондан фойдаланиш ҳуқуқини эслатган. Ушбу ишда гарчи жавобгар Монополияга қарши кураш қўмитаси саналса-да, ишда манфаатдор учинчи томон — «Олтин Гумбаз» МЧЖ қонуний вакиллари, шунингдек, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтидан ходимлар ҳам судда иштирок этишди. Аслида ҳаммаси анча олдин бошланган: 2010 йил қабул қилинган 1326-сонли «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2011 йил 27 январда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган низом айрим тадбиркорларни қийнаб келмоқда. Ҳужжатларга мувофиқ, бозор ҳудудида кўрсатиладиган инфратузилма хизматлари учун ҳақ ундириш талаби белгиланган. Аммо ушбу талаб бозор ҳудудидаги бино ва иншоотлар мулкдорига тегишли бўлиб, 2010 йилга қадар бозорга туташ ҳудудда фаолият олиб борган ҳамда ўз мулкига эга тадбиркорларга татбиқ этилмайди. Бундан ташқари, кўрсатиладиган хизматлар ҳисоб-китоб қилиниши, бу борада бозор тадбиркор билан шартнома тузиши назарда тутилган. Ушбу масалада қийинчиликка учраган тадбиркорлар «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда, гарчи инфратузилма хизматлари учун тегишли ташкилотлар билан алоҳида шартнома тузилган бўлса ҳам, бозор маъмурияти тўловни асослантирмай талаб этишини билдирди. Шунингдек, тадбиркорнинг мулк ҳуқуқи умуман ҳисобга олинмай қолиши таъкидланди. Тошкент ҳокимлиги қарорида эса ушбу ҳолатлар инобатга олинмагани туфайли, Монополияга қарши кураш қўмитаси шаҳар ҳокимиятини «Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 12-моддасида талабларини («Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномалар тузишда устунлик бериши тақиқланиши белгиланган») бузгани учун огоҳлантирган. Шу туфайли қўмитанинг махсус комиссияси қарори ва кўрсатмаси чиқарилган. Эндиликда ҳокимият қўмита қарори устидан арз қилиб, судга мурожаат қилган. Судьяни рад этиш тўғрисидаги илтимоснома тақдим этилгач, суд ишни 3 март соат 10.00га қадар қолдирди.

Место для вашей рекламы