Адлия вазири жиноят тизимининг шаклланиш принципларини танқид қилди

Адлия вазири Русланбек Давлетов мамлакатда айбсизлик презумпциясига риоя этиш аҳволидан жиддий ташвишини билдирди. Айниқса, бу ҳолат қонун ҳужжатларида ҳам бузилмоқда, деб фикр билдирди вазир. 3 февраль куни Адлия вазирлиги биносида Русланбек Давлетов тизимнинг 2019 йилдаги фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Шунингдек, у келгуси режалар, журналистларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб қайтарди, хабар беради «Газета.uz» мухбири. Жиноят-процессуал кодексининг 297 моддасида («Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг тақдимномаси») қуйидагилар белгиланган: Суриштирувчи, терговчи, прокурор жиноят ишини тергов қилиш чоғида жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаб чиқиб, тегишли давлат органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, жамоат бирлашмасига, жамоага ёки мансабдор шахсга ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритади. Тақдимноманинг нусхаси ишга қўшиб қўйилади. Адлия вазирига кўра, моҳиятан, ҳали суд қарори билан жиноят ишига нисбатан ҳукм чиқмай туриб, кодексдаги муайян модда айбсизлик презумпциясини бузмоқда. «Ҳозир янги кодекс лойиҳаси устида ишчи гуруҳ ишламоқда. Буни тўғирлаш керак бўлади», — дея фикр билдирди у. Давлетовнинг айтишича, айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этилмаслигига жиноят тизимининг шаклланиш принциплари ҳам салбий таъсир қилади. Масалан, тизим ҳақиқатни излаб, ҳақиқатни рўёбга чиқаришнинг орқасидан изланади. "Газета.uz"да реклама «Терговчи ҳам, прокурор ҳам, агар гумондор айбсиз, деб топилса, қўйиб юбориш керак. Лекин бошқа давлатларда, мана, Англияда, терговчилар исбот учун курашади. Ҳамма исбот билан мотивация қилади. Чунки ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Бизда ҳақиқат терговда рўёбга чиқади», — деди у. Вазирнинг фикрича, шундай ишлаш натижасида терговнинг мавқеи жуда баланд бўлиб кетяпти. Давлетов терговолди ишлари, тергов даражасига адвокатлар тез-тез эътироз билдиришини айтиб, бундай ҳолатлар бошқа давлатларда кузатилса, адвокатларга хуш келишини айтди. «Эътиборга олмагани яхши, чунки судда ютамиз, деб ўтиради-да, улар терговнинг устидан ҳеч қачон шикоят бермайди. Қолаверса, бизда суд тергови, деган нарса ҳам бор. Ўйлайманки, бу ҳам нотўғри. Суд нейтрал бўлиши керак. Иккита томон келяпти, иккитаси позициясини айтиши керак, айбдорми, айбдор эмасми, у масала ҳал бўлиши керак», — дея фикрида давом этди у. Адлия вазири судлов тизимида қасамхўрлар амалиётига ўтиш имкониятини кўриб чиқишга ундади. «Бу жуда ҳам демократик тизим, чунки халқнинг ўзи уни айбдор ёки айбсизлигига жавобини айтиши керак, халқнинг ўзи. Бугунги кунда амалда халқ маслаҳатчилари амалиёти бор. У, асосан, оғир ва ўта оғир жиноятларда иштирок этади. Шунда ҳам бу соҳада жуда ислоҳ қилинадиган нарсалар бор», — дея қайд этди у.

Место для вашей рекламы