Абдулла Арипов — ҳукуматнинг ҳаракат дастури ҳақида

Сешанба куни Ўзбекистон бош вазири лавозимига номзоди кўрсатилган Абдулла Арипов парламент қаршисида нутқ сўзлаб, фаолияти давомида режалаштирган ишлар ҳақида маълумот берди. «Газета.uz» ҳукумат раҳбари этиб тайинланган Абдулла Арипов билдирган режа ва мулоҳазасини қисқача баён этади. Бош вазир лавозимга тавсия этилган номзод минбарга кўтарилиб, ўтган сайлов билан барчани қутлади. У Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури лойиҳаси билан мажлис иштирокчиларини таништирди. Дастур лойиҳасида ижро аппаратининг асосий эътибори иқтисод ва саноат тармоқларини ривожлантириш орқали аҳоли турмушини яхшилашга қаратилгани билдирилди. "Газета.uz"да реклама Абдулла Ариповнинг айтишича, Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб яқин кунларда тасдиқлаш учун тақдим этилади. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2020 йилда 5,5 фоиздан кам бўлмаслиги ва кейинги беш йилда эса ўртача 6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Инфляция суръатларини пасайтириш тенденциясига ўтказиш энг асосий вазифалардан бири бўлади. Бош вазир юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг биржа савдоларида сотишнинг ягона тартиби жорий қилинишини айтди. Абдулла Арипов электротехника саноатига иқтисодий ўсишнинг драйвери сифатида баҳо берди. У жорий йилда 2020−2030 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилишини эълон қилди. Мамлакат аҳолисининг электротехника ва маиший техника маҳсулотларига бўлган талабини 80−90 фоизга маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш ҳисоб-китоб қилинмоқда. 2025 йилга келиб, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини 1,4 баробарга, табиий газ қазиб чиқаришни 1,2 баробарга, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,1 баробарга ошириш таъминланади. Электр энергия ишлаб чиқаришда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Республикада мавжуд 21 та эркин иқтисодий ҳамда 156 та кичик саноат зоналари сони аҳоли зич жойлашган ва тадбиркорлик ривожланган ҳудудларда бўш турган бинолар ва ерлар базасида янги кичик саноат зоналари ташкил этиш орқали камида 2 баробарга оширилиши кўзланмоқда. Бозор тамойилларига асосланган корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш мақсадида 2020−2023 йилларда Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш, бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқилади. Кўриладиган чоралар натижасида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2020 йил якунида 62 фоиздан оширишга эришилади. Жаҳон банкининг бизнесни юритиш индексида Ўзбекистоннинг ҳозирги 69-ўрнидан 2030 йилда 20-ўринга кўтариш мақсад қилиб олинган. Эндиликда уй-жойлар қурилишида янги турдаги энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланган ҳолда кўп қаватли: қишлоқ массивларида 5−7 қаватли, шаҳарларда эса 12−16−18, ҳатто 30 қаватгача бўлган уйлар қурилади. Сув тежамкор технологияларни жорий этиш, пахта ва ғаллачилик тармоқларида бозор тамойилларини жорий этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Тез орада «Таълим тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиниши маълум қилинди. Халқ таълими тизимида 2020 йилдан бошлаб «Замонавий мактаб» лойиҳасини амалга ошириш бошланади ва 2021 йилда 3 фоиз, 2025 йилга бориб 20 фоиз таълим муассасалари қамраб олинади. Ёшларнинг олий таълим билан қамрови ҳозирги 20 фоиздан 2025 йилда 35 фоизга етказилади, хорижий хусусий олий таълим муассасалари сони бещ йилда камида 30 тага кўпайтирилади. Барча олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш режада бор. Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси, мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг молиялаштириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Тошкент шаҳар аҳолисига замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва ягона call-марказига уланган Ford русумли 150 та тез тиббий ёрдам реанимобиллари хизмати йўлга қўйилди/ 2022 йилга қадар республиканинг қолган ҳудудларига жами 1500 та шундай реанимобиллар етказиб берилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш соҳасида 2020−2022 йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизими, замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг ва фаол жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳукуматнинг навбатдаги муҳим устувор вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, 2030 йилгача рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Республиканинг барча туманларида камида 150 та янги рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилади. 2020−2030 йилларда Автомобиль йўллари ва Транспорт тизимини ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилади. Умуман олганда, транспорт тармоғига хусусий ва хорижий капитални ҳамда бошқарувни жалб қилиш чоралари кўрилади, деди Абдулла Арипов. Ҳукуматнинг марказий вазифаларидан бири — қонунчилик ташаббуси соҳасида Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси билан ўзаро ҳамкорлик кучайтириш, дея қўшимча қилди у. Хабар берганимиздек, Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Место для вашей рекламы