Абдулла Арипов Human бандлик агентлигидан жабрланганлар билан учрашди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган 100 нафардан ортиқ киши душанба куни эрталаб Тошкентдаги Мустақиллик майдони яқинида Human хусусий бандлик агентлиги томонидан етказилган зарарлар қопланишини талаб қилиб йиғилди. Фуқаролар билан учрашувга бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳкамов ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов чиқди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири. Фуқаролар билан суҳбат Вазирлир Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати ва Президент администрацияси бинолари жойлашган Мустақиллик майдонига туташ Тасвирий санъат галереяси яқинида бўлиб ўтди. Ҳудуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жумладан, Тошкент ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қуршаб олинди. Яқин тарих 2019 йилнинг 16 сентябрь куни 52 киши ички ишлар органларига жамоавий ариза билан мурожаат қилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган тегишли лицензияга эга Human бандлик агентлиги билан шартномалар имзоланганини маълум қилди. "Газета.uz"да реклама Шартномаларга кўра агентлик чет элларда, хусусан Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбурият олди. Бунда уларнинг ҳар бири агентлик хизматлари учун шартнома бўйича тўловларни — 18 миллиондан 35 миллион сўмгача маблағни тўлаб берди. Бироқ ариза берувчилардан ҳеч бири ишга жойлашмади. Агентлик эса, ўз навбатида, пулларни жабрланганларга қайтариб бермади. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди, Human раҳбари Шохнур Файзуллаев 2020 йил январь ойида 10 йиллик қамоқ жазосига ва 1086 дан ортиқ қурбонларга 21 миллиард сўмдан (тахминан 2,2 миллион доллар) зиёдроқ миқдорда товон тўлашга ҳукм қилинди. Кейинроқ эса яна тўртта агентлик, жумладан Korean аnd migrations xususiy bandlik agentligi бандлик агентлигига қарши жиноят ишлари қўзғатилди. Ўтган йилнинг декабрида собиқ сенатор Фарруҳ Дадахўжаев хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунда фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш механизмлари мавжуд эмаслиги сабабли Меҳнат вазирлигини танқид қилди. У аккредитивлар — ҳар икки томон учун келишувлар ҳаққонийлигини кафолатлайдиган банк воситалари бўйича ҳисоб-китобларни ўтказишни таклиф қилди. Фуқаролар ва ҳокимият вакилларининг илк учрашуви Аҳоли хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчилик ва тизимда мавжуд бўлган камчиликлар ва муаммолар сабабли жабр кўрганини маълум қилди. Фуқаролар бунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини айблаб, зарар давлат томонидан қопланишини талаб қилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳеч қайси қонун мукаммал эмаслигини таъкидлаб ўтди. «Бу бизнинг тўртинчи учрашувимиз. Ҳеч қайси қонунда ҳамма нарсани 100 фоиз қамраб олишнинг имкони йўқ. Ҳеч ким қонунни эртага бузиш ёки жиноят қилиш мақсадида ёзмайди. Бу одамга боғлиқ, тўғри тушунинг. Бирорта ҳам қонун мукаммал эмас… Барча ривожланган мамлакатларда хусусий бандлик агентликлари институтлари мавжуд, улар одамларни иш билан таъминлашга ёрдам беради. Шунинг учун тадбиркорларга буни амалга оширишга рухсат берилди. Ҳеч ким қонун бузилмаслиги ва жиноят содир этмаслиги керак эди. Бугунги кунда фуқароларни чет элга юбориш ҳуқуқига эга бўлган 65 та хусусий агентлик рўйхатга олинган, шундан 5 таси қасддан қонунни бузган — бу жиноятдир», — деди у. Нозим Ҳусанов (чапда). Вазирдан нима учун Меҳнат вазирлиги агентликлар фаолияти устидан назоратни амалга оширмаганини сўрашди. «Бу тадбиркорлик субъекти. Лицензиялаш талаблари мавжуд. У учта ҳужжатни тақдим этади, агар қонуний равишда тақдим этилса, у ҳолда биз лицензия беришимиз керак… Улар ҳисобот тақдим этишлари керак. Масалан, улар амалда 100 киши билан шартнома тузган бўлса ҳам, фирибгарлик йўли билан (ҳақиқий статистикани яшириш — таҳр.) 10 та фуқаро билан келишув тузганликлари ҳақида хабар беришди. Одамлар шикоят қилишганда, шундан кейингина биз текширишни амалга оширамиз. Бу содир бўлганда, биз ўша жойга бордик ва қонунбузарликларни аниқладик. Унгача биз тадбиркорни текшира олмаймиз ва унинг фаолиятига тўсқинлик қила олмаймиз, бу қонун ҳужжатларида белгиланган», — деди Нозим Ҳусанов. Жабрланувчилар собиқ сенатор Фаррух Дадахўжаевнинг Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплашни таклиф қилган сўзларини эсга олишди. Бироқ вазир ушбу жамғарма маблағлари республиканинг 1,3 миллионга яқин ишсиз фуқаролари бандлигини таъминлашга қаратилганини маълум қилди. Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов етказилган зарар қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркор ҳисобидан қопланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Human агентлиги ҳисоб рақамидан 1 миллиард сўмдан ортиқ пул мусодара қилинган. Қолган қисми компания муассисларининг мусодара қилинган мол-мулки сотилгандан сўнг тўланади. Азиз Абдуҳакимов (ўнгда). Фуқаролар чет элда ишлаш имкониятини қўлга киритиш учун фоизга миллионлаб сўм пул олгани, автомобили ва мол-мулкини сотганини маълум қилди. Улардан кўпчилиги ишсиз ва қарздор бўлиб қолган. 1,5 йил ичидаги инфляция натижасида улар агентликка тўлаган пулларнинг ҳам қадри пасайиб бормоқда. Йиғилганлар бош вазир билан учрашишни талаб қилди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбариятни хабардор қилиши ва 17:00 га учрашув ташкиллаштиришини маълум қилди. Бош вазир билан учрашув Белгиланган вақтда ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов Ёшлар ижод саройига ташриф буюрди. У ҳар бир саволга жавоб қайтарди. Жумладан, бош вазир Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентлиги масалаларига жавобгар масъул шахслари жазога тортилишига ваъда берди. Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари душанба куни 1086 нафар жабрланувчи муаммоси тўғрисида президент Шавкат Мирзиёевга ахборот киритилганини маълум қилди. «Биз бугун президентга барча хусусий бандлик агентликларини ёпиш ва ягона давлат агентлигини ташкил этиш таклифини киритамиз. Биз бир нарсани тушундик, яъни бундай эркинликни, афсуски, халқимиз ҳозирча тушунмайди», — деди у. Абдулла Арипов Ўзбекистонда энг кўп фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилишини таъкидлаб ўтди. «Телефонларда ҳам, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам, бозорда ҳам, офисда ҳам, бандлик соҳасида ҳам фирибгарлик бор. Мана „Аҳмадбой“ — бу ҳам фирибгарлик, молиявий пирамида. Биз буларнинг барчасини биламиз, бутун республика бўйича бундай ҳуқуқбузарликлар жуда кўп», — дея тан олди бош вазир. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари давлат тадбиркорларга лицензия беришини, лекин бу унинг қонунбузарлик учун жавобгарликни зиммасига олишини англатмаслигини таъкидлади. «Лицензия, бу — шаҳодатнома, рухсатнома. Автомобиль ҳайдаш учун ҳам рухсатнома олишади, бу ҳам ўзига яраша лицензия. Агарда бири бошқасининг машинасини уриб олса, шунда ҳам сиз давлатдан уни [ёмон] ўқитгани учун зарарни қоплашни талаб қилмайсизку… Мен бу ерга муаммони ҳал қилиш учун келдим, лекин уни бундай қилманг. Такрорлайман, ўзингиз у ерга (Human агентлигига — таҳр.) кирдингиз. Ёки ҳоким, унинг ўринбосари, юрист ёки иш берувчи сизни мажбурладими?» — деб сўради у. Ҳукумат раҳбари президент ўзбекистонликлар ҳуқуқларининг топталишига йўл қўймаслигини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, президент Бош прокуратура, Олий суд ва бошқа органларга алоҳида топшириқ берди. «Human билан боғлиқ ҳар ким жавоб беради. Пулларингизни қайтариб бериш топширилди… Нотўғри тергов ўтказган ёки нотўғри ҳукм чиқарганларга нисбатан чора кўриш тўғрисида қатъий топшириқ бўлди. Мен президентнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтаман: „Кимдир қаердадир инсофсизлик қилиши мумкин, лекин менинг халқим жабрланмаслиги керак“. Бу президентнинг мен ёзиб олган сўзлари», — деди Абдулла Арипов. Бош вазир 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси «юмшоқ» эканини маълум қилди. Унинг фикрича, муддат энг камида икки марта узоқроқ бўлиши керак. «Президент [Жиноят кодексининг] энг қатъий моддаларини қўллашни талаб қилганини айтди. Чунки суд ва Бош прокуратура биз каби президент олдида ҳисоб беради», — деди у. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари маблағлар жабрланганларга қандай қилиб қайтарилишини айтди. Уларга ипотека банкида (1086 дона) пластик карталар билан очилади ва маблағлар икки кун ичида уларнинг ҳисобрақамларига ўтказилади. Абдулла Арипов йиғилишда иштирок этган банк раисининг ўринбосари ва бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга кўрсатма берди. «Бугун қарор тайёрланг. Мен бугун имзо чекаман. Икки кун ичида уларга карталар очадилар. Ушбу қарорга биноан сиз бюджетдан ташқари жамғарма [Меҳнат вазирлиги] ҳисобидан зарарларни қоплайсиз. Аммо биз барча айбдорларни [Human агентлигидан] жавобгарликка тортамиз ва пулни ҳисобга қайтарамиз. Бу давлат пулидир», деди бош вазир фуқароларнинг қарсаклари ва кўз ёшлари остида. Бунда Абдулла Арипов президент ушбу давлат маблағларидан ўрнига қайтариш шарти билан фойдаланишга рухсат берганини (топшириқ эмас) қайд этди. «Қонунчилик нуқтаи назаридан биз энг тўғри йўлдан кетаяпмиз, деб айта олмайман. Қонун бўйича сиз айбдордан ундириб олинган пулдан олишингиз мумкин. Биз қандай оғир вазиятда эканингизни биламиз. Биз президентни хабардор қилдик, у: „Қадрдонларимдан ҳеч бирининг жабрланишига йўл қўймайман“, — деди», — дея таъкидлади у. Учрашув сўнгида йиғилганлар Шавкат Мирзиёев ҳаққига дуо қилишди.

Место для вашей рекламы