Абдулазиз Комилов Доҳадаги Афғонистон тинчлик музокарасида иштирок этмоқда

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтаётган Афғонистон тинчлик музокараларида иштирок этмоқда, деб хабар беради TOLO News агентлиги. Музокара якунига кўра имзоланадиган битимда АҚШ аскарларининг Афғонистондан чиқиб кетиши тартиби белгиланади. Шунингдек, расмий ҳукумат ва Толибон ҳаракати вакиллари ўртасида отишмаларни тўхтатиш, сиёсий мулоқотни давом эттиришга урғу берилади. «Биз, биринчи навбатда, жуда оптимистик руҳда бўлмоқчимиз. Иккинчидан, ушбу тинчлик жараёнининг бошланаётганлигини мамнуният билан қарши оламиз, — дея фикр билдирди Абдулазиз Комилов TOLO News’га берган интервьюсида. — Ўзбекистон Афғонистоннинг ён қўшниси ҳисобланади ва ўтган бир неча асрлар мобайнида бизни афғон халқи билан жуда яқин гуманитар, маданий ва иқтисодий алоқалар боғлаб туради. Шунинг учун, бугунги муаммо фақат афғон халқига тегишли, деб ўйламаймиз. Бу минтақадаги барча давлатларнинг муаммосидир. Шунинг учун биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз даркор. Чунки бу минтақадаги барча халқларнинг умумий манфаатидир». Вазир ўринбосари Илҳом Неъматовнинг «Газета.uz» мухбирига билдиришича, имзоланиши кутилаётган битим кейинги музокараларга ҳам йўл очади. Вазир ўринбосари Доҳадан кейинги натижага қараб, афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати вакиллари иштирокида Ўзбекистонда учрашув ташкил қилинишини истисно этмади. "Газета.uz"да реклама Афғонистон ҳукумати АҚШ расмийларининг Толибон билан мулоқотини танқид қилиб, Доҳа музокарасини бойкот қилмоқчи бўлган. Аммо президент Ашраф Ғани музокарани ижобий якунлаш учун имкониятни қўлдан бой бермади. Женевадаги анжуманда нутқ қилган Ғани 12 минглик АҚШ ҳарбийларининг 1/3 қисми исталган пайтда Афғонистонни тарк этишини таъкидлаганди.

Место для вашей рекламы