АҚШ Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини тақдим этди

АҚШ Давлат департаменти 2019−2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини тақдим этди ( PDF ). У АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида эълон қилинди. Ҳужжатда таъкидланишича, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича аввалги стратегияси 2015 йилда тасдиқланганидан буён минтақадаги янги раҳбарлар ислоҳотлар, минтақавий алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантиришга Қўшма Штатларни фаол жалб этиш учун янги имкониятларни тақдим этди. Янги стратегияга эски стратегиядан жой олган асосий тенденциялардан айримлари киритилган. Жумладан, минтақадаги ички ва трансчегаравий терроризм хавфсизликка таҳдид солаётган асосий муаммолардан бири сифатида қолдирилган. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари радикал экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ёлғон ахборотлар каби барқарорликка таҳдидлар билан тўқнашишда давом этади. "Газета.uz"да реклама Стратегияда АҚШнинг минтақадаги сиёсатига оид олтита асосий тамойиллар баён этилган: 1. Марказий Осиё давлатларининг ҳам алоҳида-алоҳида, ҳам бутун минтақа сифатида суверенитет ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш. АҚШ маҳаллий ҳокимият органларининг демократик институтларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиётни юксалтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун дастурий ёрдамларни тақдим этади ва ўзининг минтақадаги дипломатик иштирокини оширади. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар «минтақани бўлиб ташлаган» тушунмовчиликларни бартараф этиш бўйича чораларни кучайтиришни қўллаб-қувватлайди. 2. Марказий Осиёда террористик таҳдидларни камайтириш. Минтақа ҳамжамияти экстремистик ғояларга чидамлилик қобилиятини ишлаб чиқиши, унинг ҳудуди эса террористлар учун бошпана вазифасини бажармаслиги керак. 3. Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш учун ёрдам кўрсатиш ва уларни кенгайтириш. АҚШ Афғонистоннинг хавфсиз ва барқарор бўлиши Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари учун асосий устувор мақсад эканини ва можароларга чек қўйиши мумкин бўлган тинчлик жараёнида ҳар кимнинг муҳим роль ўйнашини тан олади. Қўшма Штатлар Афғонистон билан боғлиқ иқтисодий ва тижорий алоқаларни ривожлантириш ҳамда мусулмн кўпчиликка эга кўп миллатли давлатларни барқарор бошқариш моделини ишлаб чиқишда Марказий Осиё давлатларига ёрдам кўрсатади. 4. Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш. Марказий Осиё давлатлари минтақавий барқарорликка бевосита ҳисса қўшадиган энергия, иқтисодиёт, маданият, савдо ва хавфсизлик соҳалари орқали Афғонистон билан яқин алоқаларни ривожлантиришлари керак. 5. Қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни қўллаб-қувватлаш. Сайловлар, шаффоф сиёсат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш йўли билан фуқаролар, инклюзив сиёсий тизимларнинг жиддий иштирокини таъминлаш орқали Марказий Осиё давлатлари барқарорлигини мустаҳкамлаш. 6. АҚШнинг Марказий Осиёга сармояларини жалб қилиш. Марказий Осиёдаги қулай ишбилармонлик муҳити АҚШ компанияларини жалб қилади ва ривожланишнинг янада кенгроқ мақсадларига эришишга ёрдам беради. «АҚШнинг Марказий Осиё ишларида муваффақиятли иштирок этиши бизнинг миллий хавфсизлигимиз манфаатларини таъминлашга ва чет элда ватанимиз, фуқароларимиз ва манфаатларимизни ҳимоя қилишга ёрдам беради», — дейилади стратегияда. «Барча беш мамлакат билан яқин муносабатлар ва ҳамкорлик АҚШ қадриятларини тарғиб қилишга ёрдам беради ва минтақадаги қўшнилар таъсирига қарши туришини таъминлайди. Америка бизнеси учун имкониятларнинг кенгайиши минтақадаги иқтисодий фаровонликни оширади, шунингдек, Қўшма Штатларда иш билан таъминлаш ва саноатни ривожлантиришга ёрдам беради», — дейилади ҳужжатда.

Место для вашей рекламы