81 туп дарахтни кесганлар қарийб 2 млрд сўм жарима тўлади

Дарахт кесишга мораторий эълон қилинганига қарамасдан Тошкентнинг Яккасарой туманида 81 туп дарахтнинг кесиб ташлангани билан боғлиқ ҳодиса ижобий якун топди. Ташаббускор фуқаролар саъй-ҳаракатлари ва ОАВда кенг ёритилиши натижасида ҳодисага шаҳар ва мамлакат раҳбарияти диққат қаратди. Дарахтлар кесилган жойда тун бўйи ва якшанба куни катта миқдордаги техника ва ишчилар жалб қилинган ҳолда ҳудудни тозаланиб, янги кўчатлар экилди. Бу ҳолат келгусида дарахтларнинг ноқонуний кесилишига чек қўядими? Ҳукумат кейинчалик ҳам шу каби ҳолатларга худди шундай муносабат билдирадими? Бу масалалар ҳозирча сўроқ остида. Жиноят иши Тошкент прокуратураси Яккасарой туман ҳокимияти ва Building And Supplies компанияси мутасадди шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди. Фото: Тошкент Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси. "Газета.uz"да реклама 20 февраль куни Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси 66/1, 66/2, 66/3, 66/4 ҳамда 72-уйлар оралиғида жами 81 дона, жумладан 6 дона «қайрағоч», 3 дона «заранг», 1 дона «акация», 11 дона «айлантус», 24 дона «шумтол», 10 дона «сафора», 3 дона «эман», 9 дона «бруссонетия» (қоғоз дарахти), 14 дона «тут» дарахтлари кесилган эди. Кейинроқ туман ҳокимияти Building And Supplies компаниясига 70 туп дарахт кесишга рухсат бергани аниқланди (санаси маълум эмас). Фото: Тошкент ИИББ матбуот хизмати. Шаҳар прокуратурасининг аниқлик киритишича, пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 2018 йил 18 апрелдаги қарори билан юқорида келтирилган ҳудудда Building And Supplies компаниясига кўп қаватли уйлар қурилиши учун 0,5 гектар майдон ажратилган. Building And Supplies компанияси эса 2018 йилнинг 2 февраль куни устав фонди 7 млн сўм бўлган ҳолда рўйхатга олинган. Муассис сифатида Абдураҳим Қодиров келтирилган. Ушбу қарор шаҳарсозлик қоидаларига зид бўлгани учун шаҳарнинг собиқ прокурори Шерзод Облақулов томонидан 2018 йил 4 июлда протест келтирилган. Шаҳар ҳокимининг 2018 йил 17 июлдаги қарорига кўра, протест қаноатлантирилган ва қарор бекор қилинган. Бу ҳолатдан норози бўлган Building And Supplies ҳудудий маъмурий судга ариза берган ва Бектемир тумани маъмурий судининг 2018 йил 12 ноябрдаги қарори билан шаҳар ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган. «Юнус Ражабий» маҳалласида яшовчи аҳолининг шаҳар ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги Чилонзор тумани маъмурий судига киритган аризаси, суд томонидан 2019 йил 11 декабрда рад қилинган. Ушбу суд қарори 2020 йил 27 январда Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўрилган ва ўзгаришсиз қолдирилган. Зарар Тошкент прокуратураси Building And Supplies томонидан унга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 та дарахтлар қонунга зид равишда кесилганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн сўм моддий зарар етказилганини тан олди. Тошкент ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, дарахатларни кесишга рухсат берган Яккасарой туман ҳокими ўринбосари Абдувосилхон Сатторовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), Building And Supplies таъсисчиси Абдураҳим Қодировга нисбатан эса 198-модда 2- қисми (ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Жиноят кодексининг 198-моддаси 4-бандига биноан, моддий зарар уч баробар қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва қамоқ жазоси қўлланилмайди. Дастлабки тергов давомида икки айбланувчидан 1 миллиард 891,3 миллион сўм ундирилди. Айбланувчига гаров эҳтиёт чораси тайинланди: Абдувосилхон Сатторов 53 миллион сўм, Абрураҳим Қодиров эса 55,7 миллион сўм. Тошкент прокуратураси терговни давом эттирмоқда. Ишдан бўшатиш ва хайфсан Тошкент ИИББнинг қўшимча қилишича, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг буйруғига биноан Яккасарой тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Х.Хайдаров, шунингдек, ИИБ ҳудудий бўлим бошлиғи Х. Ўринбоевга хафсан берилди ва Юнус Ражабий номидаги маҳалла профилактика инспектори С. Сафаров лавозимидан озод қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бош прокурори ўз буйруғи билан Яккасарой туман прокурори Н. Аллабергановга нисбатан хайфсан эълон қилинди. Янги боғ23 февралга ўтар кечаси Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳудудни тозалаш ва янги кўчатларни экишни бошлади. Якшанба куни 16:00 ҳолатига кўра, яшил дарахтларни қайта тиклаш жараёни давом эттирилмоқда. Тошкент ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, дарахтзор ўрнида «Яшил боғ» барпо этилади ва 37 туп каштан, 39 туп чинор, 37 туп шарсимон акация (бошқа номи Робиния Умбракулифера) ва 37 туп пушти дарахтлар ўтқазилади. Барча кўчатларнинг баландлиги 3,5−4 м. Яккасарой туман ҳокимияти Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи боғ ҳудудида болалар майдончаси ва сайр зонаси ташкил этилишини қайд этиб ўтди. Боғ барпо этиш ишларига 25 дона техника ва 300 дан ортиқ ходим жалб қилинган. Ўтган йилнинг 30 октябридаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматли дарахт ва буталарни кесишга 2020 йил 31 декабрига қадар мораторий эълон қилинган эди. Ушбу давр мобайнида қимматли дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома берилиши тақиқланган.

Место для вашей рекламы