24 соат эмас, ақл билан ишлаш керак — Русланбек Давлетов

Адлия вазирлигида хизмат компьютерлари иш куни якунида автоматик равишда ўчирилмоқда. Ушбу амалиёт ходимларнинг ишдан ташқари вақтда ишхонада қолмаслиги учун татбиқ этилмоқда. 3 февраль куни Адлия вазирлиги биносида вазир Русланбек Давлетов тизимнинг 2019 йилдаги фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Шунингдек, у келгуси режалар, журналистларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб қайтарди, хабар беради «Газета.uz» мухбири. Русланбек Давлетовнинг айтишича, 2020 йилдан амалиётга татбиқ этилган иш режими ишхоналарда анъанавий ишлаш услубига ижобий таъсир қилиши керак. «Адлия тизимида шуни йўлга қўйдик, назорат ҳам қиляпмиз. Бу унумдорликка ҳам таъсир қиляпти. Кейин кўп ишлашнинг икки юзли муаммоси бор: биринчиси, иш берувчи томонидан мажбур қилиб ўтириш бор, иккинчиси, ишчининг ўзининг ўтириши бор. Ўтир, демаса ҳам шунақа бир корпоратив маданият шаклланганки, Японияда бошлиқ кетмасдан ҳаммаси ўтираверади. Корея ҳам худди шундай: кўп ишлаш муаммоси бор. Лекин бизда, асосан, иш берувчининг мажбурлаши орқасидан ўтирадиган ҳолатлар кўпроқ. Ўзбекистонда шуни биз таҳлил қилиб, ўчиришга мажбур бўлдик», — деди вазир. Адлия вазирининг қайд этишича, янгича иш услуби жорий қилингач, айрим ходимлар компьютерни ўчирмасликни илтимос қилишмоқда. "Газета.uz"да реклама «Менда кечқурун илҳом келади, болаларимнинг олдига борсам ҳам ишлай олмайман, илтимос, ўчирманг, деяпти», — дея қайд этди у. Русланбек Давлетовнинг таъкидича, бўлар-бўлмас ишларни йиғиштириб, бюрократияга чек қўйиш керак. Ходимлар 24 соат эмас, ақл билан ишлаши лозим. Шунда ишдан натижа ва самара бўлади. Вазир ишдан ташқари соатларда ҳам ишлайдиган ходимларнинг фаолиятидаги салбий натижаларни санаб ўтган. Унга кўра, меҳнат соатидан кейин ишхонада қолган ходим:оилавий муносабатлар ва яқинларига кўп вақт ажратмайди;иш режаси нотўғри ташкил этилади;энергоресурслардан оқилона фойдаланмайди;унинг меҳнат маҳсулдорлиги тушиб кетади. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил августда ўтказган йиғилишида ҳам ушбу масалага эътибор қаратганди. Давлат раҳбари вазирлик, ташкилот ва идора ходимларининг меҳнат соатидан ташқари ишлашини қоралаган.

Место для вашей рекламы