22 март маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланиши мумкин

25 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида«ги қонун лойиҳасини ёқлаб 140 нафар депутат овоз берди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоев қонун лойиҳаси мазмуни билан таништириб, уни ҳимоя қилди. Қонун лойиҳасига мувофиқ, 22 март маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланиши мумкин. Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди, шундан сўнг у президент томонидан имзоланиши лозим. "Газета.uz"да реклама Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолаганди. Ҳужжатга мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди. Жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига Раҳмат Маматов маъқулланган. Маълумот учун, ҳар йили 21 март куни республикада Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланади.

Место для вашей рекламы