2020 йил туб бурилиш йили бўлади — Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports

Фуқаро авиацияси йўналишидаги ислоҳотларнинг жадаллаштирилиши натижасида 2020 йил мамлакатимиз авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади, деб умид қиламиз, дея маълум қилди Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компаниялари қўшма баёнотида . Ушбу компаниялар 2019 йилда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси таркибидан чиқарилган эди. Авиаташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларнинг компаниялар ўртасида тақсимланишида Жаҳон банки экспертлари иштирок этди. «Сўнгги 30 йил давомида мазкур соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмади. Бунинг оқибатида эса жиддий муаммолар тўпланиб қолди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва мутлақо рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги ортидан у монополия тамойиллари асосида ривожланди. Тарифларнинг юқорилиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатининг пастлиги ҳам айнан шунинг натижасидир», — дея тан олинади баёнотда. Уч йил аввал авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича мамлакат фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди, дейилади хабарда. "Газета.uz"да реклама Авиация бозорини либераллаштириш ва рақобат муҳитини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикага қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди. Ўзбекистон аэропортларида хизмат кўрсатиладиган рейслар сони 21888 тадан 25 877 тагача (2020 йилги прогноз — 30500), хизмат кўрсатилган йўловчилар сони — 3,9 миллиондан деярли 6,5 миллионгача (7,85 миллион) ошди. Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда, «Очиқ осмон» режими жорий этилди. Бу жараёнларнинг бошланганига эса бор йўғи энди уч ой бўлди! Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, «Очиқ осмон» режими жорий этилиши бирданига мамлакатимизга хорижий рейслар сонининг ортиши ва парвозлар оқимининг юқори суръатларда кўпайишида асосий омил бўлиб ҳисобланмайди. Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалага оширишни ташкил этиш юзасидан «Turkish airlines», «Isra air», «Garuda», «Аэрофлот», «ИрАэро», «S7», «Якутия», «SCAT» ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, «Очиқ осмон» режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Крсаноярск, Олмота, Нур-Султон, Ақтау йўналишларида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозирда аэропортлар инфраструктураси, учиш-қўниш йўлаклари, йўловчи терминаллари ҳолати ва у ерда хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича яқин келажакда ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибди. Айнан аэропортлар ҳолатини яхшилаш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган, дейилади баёнотда. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагининг қурилиши натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафарга қадар кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши, Андижон аэропортининг реконструкция қилиниши барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини яратиб, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2−3 бараварга ортишига олиб келади. Ушбу чора тадбирлар эса ўз навбатида хорижий авиаташувчилар ўртасида мамлакатимиз авиация соҳаси жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Белгиланган тадбирларни илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда сифатли бажариш мақсадида Жаҳон Банки экспертлари жалб этилган бўлиб, улар мамлакатимиз авиация бозорини либераллаштириш ва соҳада замонавий бошқарув усулларини тадбиқ этишга қаратилган республикамиз авиация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишади. Авиация соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш, мамлакатимиз ички йўналишлари ва Марказий Осиё минтақаси йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Место для вашей рекламы