2019 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2,32 млн сўмни ташкил этди

2019 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2,32 млн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 27,5 фоизга ошди. Бу ҳақда Далат статистика қўмитаси ҳисоботида сўз боради . Маълумот учун: Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек, унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республика бўйича ўртача кўрсаткичидан соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолияти — 34 фоизга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 24,6 фоизга, таълим соҳаси — 20,8 фоизга сезиларли даражада паст бўлди. Шу билан бирга, банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолияти — 106,4 фоизга, ахборот ва алоқа соҳаси — 70,9 фоизга республика бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқорилиги кузатилди. Иқтисодий фаолиятнинг барча турларида 2018 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг ўсиши кузатилди. Айниқса, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 40,1 фоизга, банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолиятида — 37,2 фоизга, таълим соҳасида — 33,3 фоизга сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1,8 млн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 33,3 фоизга ошган. Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ҳудудлар бўйича ҳисобланса, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (3,37 млн сўм (республика бўйича ўртача кўрсаткичга нисбатан 45,4 фоиз), Навоийда — 2,96 млн сўм (27,4 фоиз) ва Тошкент вилоятида — 2,55 млн сўмни (9,9 фоиз) ташкил этди. Энг кам ўртача ойлик иш ҳақи эса Самарқанд (1,9 млн сўм), Фарғона (1,89 млн сўм), Наманган (1,87 млн сўм) ва Сурхондарё (1,87 млн сўм) вилоятларида қайд этилди. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы