2019 йилда ипотека кредитлари ҳажми 66,6 фоизга ўсди

2019 йил давомида тижорат банклари томонидан 67,2 минг жисмоний шахсга 7,9 трлн сўм миқдорида (2018 йилга нисбатан 66,6 фоизга ёки 3,2 трлн сўмга кўп) ипотека кредитлари ажратилган. Бу ҳақда Марказий банк статистик маълумотларида сўз боради. Мазкур давр мобайнида ажратилган ипотека кредитларининг энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (960 млрд сўм), шунингдек, Тошкент (535 млрд сўм) ва Жиззах вилоятлари (304 млрд сўм) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (283 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда. 2019 йилда ажратилган ипотека кредитларининг 96,5 фоизи (7,7 трлн сўм) бирламчи бозорга, 3,5 фоизи (268 млрд сўм) иккиламчи бозорга йўналтирилган. 2018 йилда мазкур кўрсаткич мос равишда 94,6 фоизни (4,5 трлн сўм) ҳамда 5,4 фоизни (244 млрд сўм) ташкил этган. Шунингдек, ипотека кредитлар таркибида имтиёзли асосда (қайта молиялаш ставкаси доирасида) ажратилган кредитлар улуши 83,2 фоизни (6,6 трлн сўм), бозор фоизларида ажратилган кредитлар улуши эса 16,8 фоизни (1,3 трлн сўм) ташкил қилади. 2019 йилда жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитларининг 4,8 трлн сўми (61 фоизи) марказлашган ресурслар, 3,1 трлн сўми (39 фоизи) тижорат банклари ресурслари ҳисобидан ажратилган. "Газета.uz"да реклама Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида устав капитали 25 миллиард сўм бўлган Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштирадиган компания ташкил этилган эди. Унинг вазифаси аҳолининг арзон уй-жойларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун банкларга «бозор тамойилларига асосланган» молиявий ресурсларни тақдим этишдан иборатдир. 2019 йил декабрь ойида президент ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартибини тасдиқлади — Молия вазирлиги бозор шартлари асосида банкларга 15 йил муддатга маблағларни жойлаштириши керак, банклар эса шу ва ўз маблағларидан фойдаланган ҳолда аҳолига ипотека кредитларини тақдим этишлари керак.

Место для вашей рекламы